?

Log in

No account? Create an account

Previous Entry Share Next Entry
БЕПУЛ ТАЪЛИМДА ПУЛЛИ ТАЛАБЛАР?
durdona_alimova
Гап нима ҳақида эканлигини таҳминан англагандирсиз. Агар сизни мактабга қатнайдиган ёки мактабга чиқиш арафасидаги болангиз бўлса, бу мавзу қизиқтирмай қўймаса керак.
Ҳозир умумтаълим мактабларида таътил мавсуми. Ҳадемай янги ўқув йилига тайёргарликлар бошланади. Ота-оналар фарзандларининг билим олишларига шароит яратиб бериш учун ҳаракат қиладилар, уларнинг ҳар томонлама яхши ўқув даргоҳларида таълим олишларини истайдилар.

Таҳририятга фарзанди бу йил мактабга чиқадиган аёлдан мактуб келди. У опасининг ўғли 1-синфни тамомлаган Яккасарой туманидаги 48-мактабни мўлжаллаган, лекин унда мактаб фонди ва турли ҳаражатлар учун пул йиғишлар кўплигидан норозилик туғилади. Мактуб эгасининг ёзишича, ушбу мактабда ҳар ой 1000 сўмдан мактаб фондига, дарсдан кейинги тайёрлов соатларига 20 минг сўмдан тўланади. Лекин ота-оналарнинг тайёрлов соатларида дарс берилиши қониқтирмаган. Унда 20 дан зиёд ўқувчи билан шуғулланилиши ўзлаштириш сифатига салбий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайдилар. Мактаб фондига тўланадиган 1000 сўм ҳам нимага сарф қилинишини ота-оналар яхши билмайдилар. Фаррош ва эшик тагида турадиган навбатчи-қўриқчи учун деб таҳмин қиладилар ва мактуб орқали савол беради: “Мактабда ишловчилар штатида фаррош ва қўриқчи бўлмайдими? Уларга давлатдан маош ажратилмайдими?

Шу ва берилган бошқа саволларга жавоб топиш мақсадида мазкур мактабда бўлиб, директор Дилфуза Набиевадан кўрсатма сўрадик. Берилган маълумотларга кўра, турли ҳаражатлар учун пул йиғишлар на мактаб маъмурияти, на синф раҳбари томонидан амалга оширилади. Бу Васийлик кенгашининг вазифасидир. Аслида белгилаб қўйилган пул йиғимлари йўқ, синф тозалиги ўша синф ўқувчиларининг зиммасида бўлгани учун хоҳласалар ўзлари тозалайдилар, хоҳласалар фаррош ёллайдилар. Буни мактаб ёки синф раҳбари эмас, ота-оналар мажлисда хал қиладилар. Дарсдан кейинги тайёрлов соатлари яхши ўзлаштиролмаган ўқувчилар ўртасида бепул ўтказилиши керак. Шунчаки, айрим ота-оналар фарзандлари чуқурроқ ўрганишини хоҳлаб қўшимча дарсларга берадилар. Мактаб фонди эса ойига 1000 сўм эмас, йилига 4000, кам таъминланган оилалар учун 2000 сўм миқдорида белгиланган. Бу маблағ давлат томонидан ажратилган пул таъмирлаш ва бошқа ҳаражатлар учун етмаганида ишлатилади ва у ҳам Васийлик кенгашининг ихтиёрий ёрдами ҳисобланади. Мактаб директори пул тўлаш имконияти йўқ кўплаб оилалар тўловдан озод қилинганини таъкидлади.

Таҳририятга шу мавзуга оид яна бир шикоят хати келган. Унда 2008 йил Мирзо Улуғбек туманидаги 187-мактабга қабул қилинган боланинг онаси мактабда пул билан боғлиқ бир қанча муаммоларга дуч келганини ёзади. Айтишича, боласини мактабга ўтказишда “мактаб фондига ўз хиссасини қўшиш учун” 30 минг сўм сўрашган. Бола бошқа синфларда жой йўқлиги сабаби кўрсатилиб “тижорий синф”га жойлаштирилди. “Тижорий синф” бу ҳафтада икки марта инглиз тили ва шахмат дарслари ўргатиладигани бўлиб, ойига ҳар бири учун 5000 сўм тўланади. Бундан ташқари ҳар ой мактаб фондига 3000, синф фондига 200, тозалаш учун 800 сўмдан йиғилади. Тайёрлов соатларига 1500 сўм белгиланган. Мактаб таъмирланаётгани сабабли ўқиш жойи яқин атрофдаги болалар боғчасига кўчирилган ва бу учун хам 2000 сўм ижара ҳаққи тўланади. Бирор байрам кечаси ўтказиладиган бўлса, 5000 сўмдан йиғилиб, ташкилий ишлар учун ишлатилади.

Маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида мазкур мактабда ҳам бўлиб, директор Светлана Касимова билан суҳбатлашдик. Унинг гапларига кўра, мактабга ўқувчи қабул қилиш учун пул олиш ҳам, тижорий синфлар ҳам йўқ. Мактаб фондига ҳар бир кишидан 3000 эмас, умумий 3700 йиғилади. Тозалаш учун 800 эмас, 400 сўм. Синф фондини эса ота-оналар (Васийлик кенгаши) ўз хоҳиши билан белгилайди. Болалар боғчасига бўлса ҳеч қандай ижара ҳаққи эмас, ёлланган фаррош ҳаққи тўланади. Байрам кечаси учун пул йиғишлар (ўқувчиларга совға китоблар олиш учун) ота-оналар таклифи билан жорий этилган бўлиб, кейинчалик директор томонидан руҳсат этилмагани сабабли йўқ бўлган. Бу мактабда ҳам кам таъминланган оилалар тўловдан озод қилинганлиги, пул тўлаётганлар ҳам буни ўз розилиги билан қилаётганлари ҳақида маълумот олдик. Мактаб директори барча тўловлар банк орқали амалга оширилишини айтиб, ҳужжатларни кўрсатди.

Кўриб турганингиздек, фикрлар баъзи ўринларда икки хилликни касб этмоқда. Хозир кўпчилик фарзанди мактабга қатнайдиган ота-оналарнинг муаммоси шу бўлиб қолган. Мактаб фонди, пул йиғиш... Мактаб раҳбарлари таъкидлаган “ўз хоҳиши билан” тўлашни ота-оналар ҳам тан оладилар. Фақат “боламнинг ўқитувчиси билан муносабати ёмонлашмаслиги учун” деб қўшиб қўядилар кетидан. Шу сабаб, рад этиш у ёқда турсин нима учун тўлаётганларини сўрашга ҳам ийманадилар. Биз юқорида икки мактаб мисолида ёздик, аслида бу ҳамма мактабларда учрайдиган холат. Пул йиғишлар, тушунмовчиликлар...

Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларида “Келажагимиз пойдевори билим даргохларида яратилади. Бу сохада юзаки, пухта ўйланмаган ишларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Мактаб, таълим-тарбия масаласи давлат ва жамият назоратида бўлиши Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, бу кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг иштироки ва қўллаб-қувватлашини талаб қиладиган умуммиллий масаладир”, дейилади. Ушбу тамоилни амалда тадбиқ этиш учун 2004 йил “2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури тўғрисида” Президент Фармони ҳамда 2005 йил “Халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари Васийлик кенгашлари тўғрисида” Низом қабул қилинган. Конституциямизнинг 41 моддасига асосан ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши ва мактаб ишлари давлат назоратидалиги белгиланган.

“Халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари Васийлик кенгашлари тўғрисида” Низомда кўрсатиладики, васийлик кенгаши таълим муассасаларида ота-оналар, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар ва бошқа жамоатчилик вакиллари ташаббуси билан тузилади. Кенгашнинг бир қанча вазифалари бўлиб, улар орасига таълим муассасасининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудини ободонлаштиришда кўмаклашиш ҳам киради. Шунингдек “фан хоналарини замонавий кўргазмали ва техник воситалар билан жихозлаш, кутубхона жамғармасини бойитиш, таъмирлаш ва бошқа хўжалик эҳтиёжларини қондиришда кўмаклашиши”, “ички имкониятлардан келиб чиққан холда ўқувчиларни моддий рағбатлантириш юзасидан таълим муассасаси маъмуриятига тавсиялар бериш” Низом билан кафолатланган. Эътибор берсангиз, кенгаш вазифалари ҳақида гап кетиб, “кўмаклашиш”, “тавсия бериш” сўзлари ишлатиляпти, “бажариш” ёки “амалга ошириш” эмас. Буни ҳар бир мактаб, синф қошидаги Васийлик кенгаши назардан қочирмаслиги керак. Маълумки, Васийлик кенгаши раиси унинг аъзолари, ота-оналардан сайланади. Ишонч топширилган одам барчанинг имкониятини ҳисобга оладиган бўлиши керак. Хозирда пул йиғиш билан боғлиқ келишмовчиликларнинг келиб чиқишига айрим ота-оналарнинг ўзлари ҳам айбдорлар. Баъзилар бошқа одамнинг шароитидан келиб чиқмайди, дабдаба яратишга уриниб баландапарвозлик қилади. Байрам ёки турли тадбирларда, худа-бухудага пул йиғиш таклифини ўзлари бошлаб берадилар.

Яна бир чалкаш масала, ота-оналарнинг аксарияти бераётган пулларининг нимага сарф қилинаётганини билмасликларидир. Бу ҳам Васийлик кенгаши фаолиятининг сустлигидан. Юқоридаги Низомда белгиланганки, Кенгаш раиси таълим муассаси директоридан, Кенгаш аъзолари раисдан сарф ва харажатлар хақида хисобот талаб қилишга ҳақли. Харажатлар ота-оналарнинг розилиги билангина амалга оширилади ва бу ҳақида Кенгашнинг қарори чиқарилиши шарт.

“2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури тўғрисида” Президент Фармонидан мактаблар таъмири ва унинг ҳаражати борасидаги маълумотларни олиш мумкин. Унга кўра, бюджет маблағлари, корхона ва ташкилотларнинг ўз маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг хомийлик маблағлари, хорижий кредитлар ва грантлар умуммиллий дастурни молиялашнинг асосий манбаи бўлиб, уни тасарруф этиш учун Молия вазирлиги хузурида Мактаб таълими жамғармаси ташкил этилган. Унинг маблағларидан мактабларни қайта тиклаш, ўқув лабаратория ускуналари, компьютер техникаси, мактаб парталари ва мебел билан таъминлаш борасидаги ишларни амалга ошириш мақсадидагина фойдаланилади.

Мавзу юзасидан туғилган саволларга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилдик, Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Б.Данияров қуйидагича жавоб беради: “Ўқувчиларни мактабга қабул қилишда мактаб маъмурияти томонидан пул талаб қилиниши ҳолатлари ғайриқонунийдир. Амалдаги ҳужжатларда “тижорий синфлар” ўз аксини топмаган, аммо ота-оналарнинг талаб ва истаклари асосида баъзи мактабларда ўқувчиларга ўқув режадан ташқари қўшимча таълим ҳизматлари кўрсатилмоқда. Мактаб фаррошлари ва навбатчилар таълим муассасаларининг штат жадвали таркибига киритилган ва улар учун Молия бўлимлари томонидан тасдиқланган ҳаражатлар сметаси асосида маблағ ажратилади. Таълим муассассаларидан ота-оналардан қонунга зид равишда турли мақсадлар учун қўшимча маблағлар йиғилиши қатъиян ман қилиниб, ушбу масаладаги ҳар бир мурожаат юзасидан кескин чоралар кўрилади. Вазирлик бу борадаги салбий ҳолатлар гувохи бўлган фуқароларни 239-46-48 ишонч телефони орқали боғланишга чақиради”.

Чиндан ҳам хозир кўпчилик фарзанди мактабга қатнайдиган ота-оналарнинг муаммоси мана шу “мактаб фонди”, “синф фонди” бўлиб қолган. Биз учратган ота-оналардан айримлари, муаммони айтадилар-у, яна “Қўйинг, ёзмай қўяқолинг”, “Мактаб номи кетмасин”, “Менинг номим кетмасин”, “Хали болам шу ерда қанча йил ўқийди, қийналиб юрмасин, хўп деб қўяқолайлик” дейишади. Бизнингча, бу асоссиз хавотир. Касбини шараф деб билган устозлар шогирдларининг билимига қараб муносабат кўрсатади, “мактаб фонди”нинг тўлаганлигига эмас.


Дурдона Алимова